Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Мамлакатимизга совуқ ҳаво оқимининг кириб келиши аҳоли учун баъзи ноқулайликлар туғдириб, жумладан, автотранспортда шаҳарлараро йўловчи ташиш жадвалларини ўзгартиришга мажбур этди.
Об-ҳавонинг кескин совиши натижасида йўлларда юзага келган яхмалак ва туман ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишда жиддий қийинчиликларни вужудга келтирди. Шу муносабат билан, жорий йилнинг 31 январидан 11 февралига қадар вилоятлараро йўналишларда автобус ва микроавтобусларда йўловчи ташиш вақтинча тўхтатилди.
Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги барча ташувчиларни яна бир бор огоҳлантириб, вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари билан ҳамкорликда автовокзал ва автостанцияларда, автобусларга чиқиш ва йўловчилар гавжум жойларда навбатчилик ташкил этишлари лозимлигини эслатади. Корхоналар кўрсатилган муддат давомида шаҳарлараро-вилоятлараро йўналишларда йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланмасликлари шарт.
Фуқароларга ушбу муддат давомида шаҳарлараро сафарларда самолёт ва поездлардан фойдаланиш тавсия этилади.
Қароқалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги йўловчи ташиш корхоналари раҳбарларига мурожаат этиб, шаҳар ва шаҳар атрофи йўналишларида хизмат кўрсатувчи автобус, микроавтобус ва такси ҳайдовчилари билан навбатдан ташқари йўриқномалар ўтказиш, автотранспорт воситаларининг техник созлигига алоҳида эътибор беришга чақирамиз. Ҳайдовчилардан эса, йўловчилар хавфсизлиги, ҳаёти ва соғлиғини таъминлаш учун ҳозирги ноқулай об-ҳаво шароитида ҳар доимгидан ҳам сергак бўлишлари, ҳаракатланиш қоидаларига қатъий амал қилишлари талаб қилинади.
Автомобилда юк ташувчилардан ҳам автотранспорт воситаларининг техник ҳолатига алоҳида эътибор бериш, ҳайдовчилардан йўл ҳаракати қоидалари талабларини тўлиқ бажариш тавсия этилади.

Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги


Нажмите чтобы прослушать выделенный текст! Powered by GSpeech